Тошкент вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Тўйтепа шаҳри Ўзбекистондаги биринчи «ақлли» шаҳар бўлади. Шаҳарни қайта қуриш лойиҳаси жанубий кореялик мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда, дея хабар берди «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури.

Пойтахт вилоятига сафар уюштирган Президент Шавкат Мирзиёев жума куни Тўйтепанинг бош режаси билан танишди. «Иккинчи Тошкент… Шаҳарнинг айрим жойлари ҳатто иккинчи Венеция каби кўринади», — дейилади репортажда.

Аввал Тошкент вилояти ўзининг маъмурий марказига эга эмас эди. Йил бошида пойтахт вилояти ҳокимияти Тошкент шаҳридан Тўйтепага кўчирилди.

«Лойиҳада янги технологиялар, эко-шаҳар тизими ва Ўзбекистон анъаналари ҳисобга олинган. Шу билан бирга, ҳар бир янги қурилаётган шаҳарда мавжуд бўлиши шарт бўлган янгиликлар жорий этилган. Шаҳар Ўзбекистондаги биринчи „ақлли шаҳар“ бўлади», — деди Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алекс Ким Тайхюн.

Шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилади.

Истироҳат боғлари, боғлар, майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар ташкил этиш кўзда тутилган. Самарали жамоат транспорти тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Тўйтепа марказ орқали сунъий анҳор оқиб ўтади, унинг ёқаси бўйлаб йўл ётқизилиб, кафе, дўкон ва бошқа объектлар очилади.

Тошкент ва Тўйтепани тезюрар автомобиль йўли боғлайди. Унинг четида турли объектлар қурилади.