Тошкент ИИББ ва прокуратураси вакиллари фоҳишабозлик ва одам савдосини ташкил этиш учун фойдаланилган квартира ва уйларни давлат фойдасига мусодара қилиш бўйича ишларга тушунтириш берди. Мазкур муаммога Kommersant.uz эътибор қаратиб, 18 июль куни ушбу масалага бағишланган мақолани чоп этган эди.

Ўтган пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев жорий йил бошидан буён Тошкентда 400 га яқин фоҳишабозлик ва қўшмачилик ташкил этилган ҳолатлар аниқлангани, уларнинг жуда кам қисмидагина мол-мулк мусодарага тортилганини маълум қилди.

«Аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича квартира ва уйларга бордик. Агарда у ерда фаол равишда фоҳишахона ташкил этишга ҳаракат қилинган бўлса, биз текширамиз ва қарор қабул қилишни мол-мулкни мусодара қилиш ҳақидаги масалани ҳал этувчи судларга қолдирамиз», — деди у.

Мол-мулкидан маҳрум бўлган фуқароларнинг сўзларига кўра, улар турар-жойлари жиноий жараён воситаси бўлгани тўғрисида огоҳлантирилмаган. Бунга изоҳ берган Дониёр Тошхўжаев агарда турар-жой эгаси жиноят иштирокчиси бўлмаса, унинг турар-жойи эса жиноят қуроли деб топилса, уни сўроқ қилиш ёки унинг жараёнда иштирок этиши шарт бўлмайди. Унинг алоқадорлиги тасдиқланган тақдирда, квартира эгаси гумондор сифатида жалб этилади.

Шундай далиллар борки, айнан фоҳишабозлик ёки одам савдосини ташкил этиш мақсадида уйлар қурилган ёки квартиралар таъмирланган, дея маълум қилди ИИББ раҳбарияти вакили.

Мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги қарор жиноятнинг оғирлигига боғлиқ, деди Дониёр Тошхўжаев. «Агарда фоҳишабозлик ташкил этилган бўлса, турар-жой эгасига қайтарилиши мумкин. Агар бу жой одам савдоси учун бўлса, мол-мулк 100 фоизлик эҳтимол билан давлат фойдасига мусодара қилинади».

Тошкент прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари Муроджон Содиқовнинг таъкидлашича, фоҳишахона ташкил этишда айбдор шахслар мусодара қилинган мол-мулк эгасига унинг тергов жараёнида баҳоланган қийматида тўлашга мажбур.

«Мол-мулк давлат фойдасига мусодара қилинса, тергов унинг қийматини баҳолайди. Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича суд айбдорга мол-мулкнинг жиноятга алоқадор бўлмаган эгасига мазкур маблағни тўлаш мажбуриятини юклайди», — дея тушунтириш берди у.

Турар-жойни ижарага бериш ёки олиш ҳақидаги шартноманинг тузилгани судда уй эгаларининг ҳақлигини исботлаш имкониятларини оширади, қайд этилди брифингда.