2−7 июль кунлари Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ҳамда Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан ташкиллаштирилган Саломатлик ҳафталиги бўлиб ўтди.

Туркия элчихонаси матбуот хизматининг хабар қилишича, хайрия акцияси давомида туркиялик 19 нафар шифокор ва 222 нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари анестезиология, болалар кардиоваскуляр жарроҳлиги, урология, гинекология, ортопедия, умумий ва болалар жарроҳлиги бўйича маҳорат дарслари ҳамда тажриба алмашинувлар ўтказилди.

Беш кун давомида 184 бемор шифокорлар маслаҳатини олди. Уларнинг 80 нафари Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Республика ихтисослаштирилган акушер ва генекология илмий-амалий маркази, Чирчиқдаги Перинатал марказ, Янгийўл ва Олмалиқдаги туғруқ мажмуалари, шунингдек, Урганчдаги онкологик диспансер ва Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Урганч филиалида бепул операция қилинди. Айрим операциялар видеоконференция режимида трансляция қилинди.

Акция доирасида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашуви, Гематология ва қон қуйиш ИТИ қошидаги Илик ўзак ҳужайралари трансплантацияси марказига ташриф бўлиб ўтди.