Ўзбекистон мактабларининг 9-синф битирувчилари ўз хоҳишлари ёки ота-оналарининг истаклари бўйича таълимни ўз мактабларида ёки ўрта махсус, касб-ҳунар муассасаларида давом эттиришлари мумкин. Бу ҳақда чоршанба куни Халқ таълими вазирлиги ўз сайтида маълум қилди.

ХТВ матбуот хизматидан «Газета.uz"га ойдинлик киритилишича, бундай қарор бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган сўровдан сўнг қабул қилинди. Мазкур сўров Президент Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтдаги 78-мактабда синов тариқасида 11 йиллик таълимни тиклаш ҳақидаги таклифидан сўнг ўтказилди.

«Ҳукумат ҳар бир битирувчи ва унинг ота-онасига танлаш ҳуқуқини беради ва бунинг учун шароит яратади», — дея таъкидланди матбуот хизматида.

Шундай қилиб, барча мактабларда 10-синфлар пайдо бўлиши мумкин. Бироқ хоҳловчилар сони етарлича йиғилмаган тақдирда, масала ишчи тартибда кўриб чиқилади. Бунда ўқитувчилар, синф хоналари ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.

Батафсил механизмлар яқин кунларда эълон қилиниши кутилаётган Президент қарорида санаб ўтилади.

Бунга қадар Ўзбекистонда ўрта таълим тўққиз йиллик мактаб ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлардаги уч йиллик таълимни ўз ичига олар эди.