Ўзбекистон спортчилари 6−8 июнь кунлари Вьетнамда ўсмирлар ўртасида таэквондо WTF Осиё чемпионатида 12 медални қўлга киритди. Унда 18 давлатдан 277 нафар ёш атлет иштирок этди.

Таэквондо ассоциацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, мусобақа 12−14 ёшдаги спортчилар ўртасида кёруги (спарринг) ва пумсэ (техник ҳаракатлар) йўналишлари бўйича ўтказилди. Ўзбекистон термаси иккита олтин, иккита кумуш ва саккизта бронза медалини қўлга киритди.

Кёруги йўналишида Азизбек Раҳмонбердиев (45 кг гача) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Амир Тўраев (37 кг гача) ва Муниса Каримова (29 кг гача) Осиё вице-чемпиони бўлишди. Даниэл Ким (33 кг гача), Севинч Мўминова (41 кг гача), Ирода Миртожиева (59 кг гача) ва Ксения Смирнова (+59 кг) бронза медалига савозор бўлди.

Пумсэ йўналишида Ирода Умрзоқова олтин медални қўлга киритди. Айнур Умрзоқова ва Исломбек Ражабов яккалик баҳсларда, Ирода Умрзоқова ва Исломбек Ражабов эса жуфтлик баҳсларда бронза медалига сазовор бўлди.