Ҳиндистон ва Покистон каби йирик давлатларнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши, бу — тарихий қарордир, дея маълум қилди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммитида.

Шавкат Мирзиёев саммитда ҳозир бўлиб турган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Покистон бош вазири Навоз Шарифни «ШҲТ оиласи"га қабул қилингани билан қутлар экан, мазкур икки давлатнинг ташкилотга аъзо бўлиши кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун буткул янги имкониятларни тақдим этишини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Президенти бугунги кунда ШҲТ минтақада тинчлик ва хавфсизлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлашни мақсад қилган давлатларнинг нуфузли ҳамжамияти сифатида шаклланганини қайд этди.