Ўзбекистонда телевизон аудиторияни ўлчаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда 29 май куни Тошкентда Миллий медиакенгаш тақдимотида эълон қилинди.

Ўлчаш ишлари Ўзбекистоннинг 18 та шаҳрида аҳоли ўртасида пиплметрлардан фойдаланилган ҳолда икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда (2018−2019 йиллар) 400 оила, иккинчи босқичда (2020−2022 йиллар) — 550 оила танлаб олиниб, ҳисоб-китоб ишлари ўтказилади.

Тадқиқот бюджети 4,27 млн долларни ташкил этади. Телеаудиторияни ўлчаш тизимини ташкил этиш бўйича тендерда Kantar TNS ғолиб бўлди (танлов иштирокчилари ўртасида GFK, Nielsen ва Atmosphere Group ҳам бор эди).

Асаджон Хўжаев.

«Биз Ўзбекистонда замонавий ва халқаро тан олинган рейтингни аниқлаш тизимини жорий этишни хоҳлаймиз. Рейтинг қандайдир бутун бошли канал эмас, балки алоҳида кўрсатувлар бўйича олиб борилади. Шундай қилиб биз теледастурлар рейтингини юритамиз», — деди Миллий медиакенгаш кузатув кенгаши раиси ўринбосари Асаджон Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда миллий ва халқаро реклама компаниялари киритилган маблағлар самарадорлиги бўйича етарли даражадаги таҳлилий маълумотларсиз Ўзбекистон телевизион бозорига маблағ киритмоқда. Янги тизим эса бозорни янада шаффофлаштириб, реклама берувчилар учун қизиқарли бўлган «томошабинбоп» телеканалларни аниқлаб олишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда телевизион реклама бозори 22 млн долларга баҳоланиб, реклама харажатларининг аҳоли жон бошига нисбатан улуши бор-йўғи 0,5−0,7 долларни ташкил этади. Мамлакатда дунёнинг 20 та йирик реклама берувчиларидан 6 таси фаолият кўрсатмоқда. Солиштириш учун: улар сони Россия ва Қозоғистонда 16 та, Украинада — 12 та.

Реклама берувчиларнинг Ўзбекистон телевидениесига қизиқиш билдирмаслигига сабаблардан — контент сифати ва қонунчиликдаги чекловлар. Қонун бўйича реклама учун ажратилган вақт эфир соатининг 6 дақиқасидан ошмаслиги керак. Ақшда бу 16 дақиқадан ошмаслиги керак бўлса, Хитойда — 12, Қозоғистон, Россия ва Европа мамлакатларида — 9 дақиқани ташкил этади. Аудиторияни ўлчаш, яъни рейтинг тизимининг мавжуд эмаслиги ҳам телереклама бозорининг ўсишига жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 40 дан зиёд телеканал, жумладан Миллий телерадиокомпания таркибида 15 та, 13 та ҳудудий ва 15 та хусусий телеканал фаолият кўрсатмоқда.