Президент Шавкат Мирзиёев 29 майдаги қарори билан Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

Низомда қайд этилишича, сиёсий бошпана чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига асосан, Конституция, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ берилади.

Сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади.

Сиёсий бошпана берилган шахс ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон ҳудудида мамлакатнинг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган республикада доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларга эга бўлади.

Агар шахс: Ўзбекистонда жиноят деб тан олинадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун тақиб қилинаётган бўлса ёки БМТнинг асосий мақсад ва принципларига зид ҳаракатлар содир этишда айбдор бўлса; айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган ёки унга нисбатан қонуний кучга кирган ва Ўзбекистонда ижро этилиши лозим бўлган суднинг айблов ҳукми мавжуд бўлса; таъқиб қилиниш хавфи бўлмаган учинчи давлатдан келган бўлса; у таъқиб қилинмаётган учинчи давлатнинг фуқаролигига эга бўлса; била туриб ёлғон маълумотлар берган бўлса; иқтисодий, экологик ёки ижтимоий сабабларга кўра, шунингдек табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар муносабати билан фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатига қайтиш имкониятига эга бўлмаса ёки қайтишни хоҳламаса Ўзбекистонда сиёсий бошпана берилмайди.

Сиёсий бошпана Президент фармони билан тақдим этилиб, давлат раҳбари фармони билан бекор қилинади. Мурожаатномани кўриб чиқишнинг энг узоқ муддати — бир йил.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда сиёсий бошпана тақдим этиш бўйича мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотлар базаси шакллантирилади.