Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судлари томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқароларнинг қабул қилиниши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробарга ортди.

Илгари жиноят ишлари бўйича судлар томонидан фуқаролар ҳафтанинг муайян бир кунида қабул қилиниши белгиланган бўлса, ҳозирда судлар томонидан фуқароларнинг ҳар куни қабул қилиниши йўлга қўйилган.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судлари томонидан аҳоли ўртасида, ўқув муассасалари, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилаётган тарғибот ишлари, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш ҳам сезиларли даражада ошган.

Жумладан, шу йилнинг ўтган даврида судлар томонидан 587 марта суҳбат, маърузалар ўтказилган бўлса, шундан 268 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 145 таси мактаб, коллеж ва лицейларда, 174 таси корхона, ташкилотларда ўтказилган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 бараварга ортган). 578 та жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 бараварга ортган).

Ўтказилаётган суҳбат ва маърузаларда жиноятчилик, маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчалари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида (50 дан ортиқ мавзуларда) кенг маълумотлар бериб борилмоқда. Бу эса, ўз навбатида фуқароларнинг қонунчилик, жиноий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисида оз бўлсада тушунчага эга бўлишлари, уларнинг ҳуқуқий билимлари даражасининг ортишига хизмат қилмоқда.

Ўтказилаётган сайёр суд мажлислари эса жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишда самарали восита бўлиб келмоқда.

Албатта, ўтказилаётган тарғибот ишлари ўз самарасини бериши шубҳасиз. Шу билан бир қаторда, ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда ўқув муассасалари ҳам ўзларини қизиқтираётган мавзулар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва судларга таклифлар билан мурожаат қилса, ушбу тарғибот ишларининг янада самарали бўлишини таъминлаши шубҳасиз.

Матн: Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди Суд амалиёти ва статистикаси таҳлили бўлими