Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Unitel (Beeline), Coscom (Ucell), Uzmobile ва Universal Mobile Systems (UMS) мобил операторлари вакиллари радиочастота полосаларини қайта тақсимлаш тўғрисидаги қарорга ўз изоҳларини беришди. Эслатиб ўтамиз, Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг 31 мартдаги қарори билан 900 / 1800 МГц диапазондаги полосалар тўртта оператор ўртасида тенг тақсимланадиганбўлди.

Чоршанба куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в. б. Шерзод Шерматов (суратда — марказда) мазкур чоралар мобил алоқа соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш ва кучайтириш, шу жумладан LTE (4G) стандарти хизматларини кўрсатишда операторлар учун тенг имкониятларни тақдим этишга қаратилганини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон аҳоли пунктларининг 1 фоизигина LTE билан қопланган пайтда нима қилиш керак? Рақобат муҳитини кучайтириш лозим. Содда қилиб айтганда, олдингизда кенг йўл, сизда эса учинчи авлодга мансуб унча катта бўлмаган юк бор, бироқ кимдир йўлнинг маълум қисмини эгаллаб олган. Орқадан тўртинчи авлод операторлари келмоқда. Бироқ сиз уларга йўл бермайсиз. Агарда барча йўллар очиқ бўлса, яхши юки бўлган барча юра олади», — деди вазир в. б.

Beeline компаниясининг ташқи алоқалар ва коммуникация бўйича директори ва Buzton ҚК бош директори Ораз Абдуразаков қабул қилинган қарорга нисбатан ўз хавотирини билдирди. Компания фикрича, бу хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Модомики биз частоталарнинг энг катта тўпламига эга эканмиз, спекр биздан бошқа уч компания фойдасига қайта тақсимланади. Ҳам компания ичидаги, ҳам бош қароргоҳдаги мутахассисларимизда қатор саволлар вужудга келди. Улар мазкур вазият хизмат сифати ва даражасига таъсир кўрсатмаслиги учун 9,5 млн абонентлар масаласида хавотирларимизга асос бўлмоқда», — деди у.

Қарорни муҳокама қилиш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ишчи гуруҳи ташкил этилган. Вазир ўринбосари Умиджон Аъламов раҳбарлигидаги биринчи йиғилиш 16 май куни бўлиб ўтди, навбатдагиси 18 майга белгиланган.

«Мазкур гуруҳ доирасида биз йўл харитаси: буни қандай амалга оширишни муҳокама қиламиз. Эҳтимол бу вилоятдан вилоятга географик ўтиш орқали бўлар, балки вақт етишмас, бироқ регулятор олға интилиш ва ўз муддатида муросага эришишга тайёр. Эртага биз йиғиламиз ва барча тўрт оператор ўз таклифларини тақдим этади», — деди Ораз Абдуразаков.

Ucell компаниясининг корпоратив коммуникациялар бўйича етакчи мутахассиси Камола Икромова Республика кенгашининг қарори аҳоли пунктларига тармоқни олиб боришда ҳар бир мобил операторига янги имкониятлар тақдим этишини таъкидлаб ўтди: «Албатта, бу бизнинг ҳар бир уй, ҳар бир оилага кириб боришимиз учун янги имконият. Шунинг учун биз ўз таклифларимизни тайёрлаймиз. Яқин кунларда компаниямиз уларни эълон қилади».

Universal Mobile Systems бош директори Сражиддин Фахрутдинов компаниянинг радиочастота полосаларини қайта тақсимлашга техник жиҳатдан тайёр эканини таъкидлади: «Компаниямизда тегишли ишлар олиб борилмоқда. Радиочастоталар полосаларини қайта тақсимлашга техник жиҳатдан тайёрмиз, биз иш ҳажмини қўшимча капитал харажатларсиз тўрт баробарга ошира оламиз. Қайта тақсимотдан сўнг биз вилоятларда ҳам LTE стандартларини жорий эта оламиз», — деди у.

Uzmobile директори Владимир Кравченко ҳам қарор операторларга мамлакатнинг барча ҳудудларини 4G стандарти билан қамраб олиш учун янги имкониятлар беришини таъкидлаб ўтди. «Бу рақобат учун катта туртки беради. Албатта, айрим компанияларга бу салбий таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ тўғри тушуниш лозимки, мазкур чоралар рақобатни ривожлантириш, мобил алоқа соҳасини ривожлантиришга қаратилган», — дея қайд этиб ўтди у.