Радиочастоталар бўйича Республика кенгашиGSM стандартида ишловчи Ўзбекистондаги тўртта мобил оператори ўртасида 900 / 1800 МГц диапазондаги радиочастота полосаларини қайта тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қарордан кўзланган мақсад республикада радиочастота ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат.

Бугунги кунда 900/1800 МГц диапазондаги радиочастоталар Unitel (Beeline), Coscom (Ucell) операторлари, «Ўзбектелеком» компанияси «Узмобайл» миллий оператори (Uzmobile) ва Universal Mobile Systems (UMS) мобил алоқа оператори ўртасида тақсимланган.

Бироқ операторлар тенг бўлмаган миқдордаги радиочастота ҳажмига эга эди. Радиочастота полосалари мобил алоқа операторлари ўртасида узуқ-юлуқ ўлчамда, диапазоннинг турли қисмларида ажратилган эди.

«Радиочастота полосаларининг бу тахлит тақсимланиши LTE (Long-Term Evolution) технологиясининг 4 авлод (4G) мобил алоқа стандартини жорий қилишга тўсқинлик қилади. Мазкур стандарт мобил алоқа тармоқларида ҳар қандай кўринишдаги (овозли, файл ва видео) маълумотларни юқори тезликда алмашиш учун жаҳон миқёсида жорий қилинмоқда. LTE стандарти эса юқори тезликда маълумот алмашишда кенглиги 10 дан 20 МГц гача бўлган яхлит частота полосаларини талаб этади», — дейилади хабарда.

Айрим мобил алоқа операторларида частота ҳажмининг кам миқдорда бўлиши мобил алоқа хизматларининг талаб даражасида сифатли кўрсатилмаслигига олиб келади.

Мазкур қарор операторларга радиочастота спектрларидан фойдаланиш бўйича тенг рақобат шароитини яратиб бериш, LTE технологиясини тезкор ривожлантириш учун уларнинг радиочастоталардан қулай ва самарали фойдаланишларини таъминлаш, мамлакатда мобил алоқа хизмати сифатини оширишга замин яратади.

Кенгашнинг мазкур қароридаги вазифаларни таъминлашда мобил алоқа абонентларида юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларнинг олдини олиш мақсадида, мобил операторларга алоқа тармоқларини қайта мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишлари учун 6 ой вақт берилади.