Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 10 майдаги қарорбилан Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари ўқув хоналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлади.

Техник регламент ўқув бинолари ичида ва ташқарисида вужудга келувчи зарарли омилларнинг таълим олувчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олишга мўлжалланган. У аудиториялар, лаборатория кабинетлари, машғулотлар хоналари, кутубхоналар ўқув заллари, ахборот-ресурс марказлари компьютер заллари ва спорт заллари учун тааллуқли.

Ҳужжатга мувофиқ, ўқув бинолари ёки уларнинг алоҳида қисмлари фойдаланиш жараёнида ҳаётий фаолият хавфсизлиги талабларига мувофиқ келиши шарт. Жумладан, ишончлилик, мустаҳкамлик, чидамлилик, деформацияларга бардошлилик, санитар қоидалар ва нормаларга мувофиқлик ҳамда таъмирга яроқлилик бўйича лойиҳавий ва норматив-техник ҳужжатларга мос келиши лозим.

Регламент билан ўқув бинолари микроиқлим, қурилиш ва пардозлаш ишлари талаблари, бўёқлар ранги, ўсимликлардан фойдаланиш, ёритиш кўрсаткичлари, ташқи шовқин даражаси параметрлари белгиланди.

Ўқув биносининг бир ўқувчи учун ажратилувчи норматив майдони, шунингдек иссиқлик таъминоти, иситиш, вентиляция, сув таъминоти ва канализация меъёрлари ўрнатилди.

Барча ўқув бинолари автоматик ёнғиндан огоҳлантириш тизими ўрнатилиши шарт (автомат ёнғин ўчириш тизими мавжуд бинолардан ташқари).

Регламент олти ойдан сўнг кучга киради.