14 май куни телефон орқали берилган ёлғон хабар Samarqand Darvoza савдо марказига ташриф бурганларнинг фавқулодда эвакуация қилинишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкент вилоятида яшовчи 1998 йилда туғилган шахс «102» хизматига қўнғироқ қилиб, ҳижоб ўранган икки номаълум аёл томонидан Samarqand Darvoza биносига портловчи модда ўрнатилгани ҳақида хабар қилади. ИИББнинг қайд этишича, қўнғироқ безорилик мақсадида амалга оширилгани маълум бўлди.

Ҳодиса жойига етиб келган Ўзбекистон ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва Шайхонтоҳур туман масъул ходимлари, тергов-тезкор гуруҳлари ҳамда бошқа хизматлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида савдо мажмуасидаги фуқаролар хавфсиз жойга олиб чиқилиб, бино кўздан кечирилган. Савдо мажмуасида ҳеч қандай портловчи модда ва бошқа шубҳали нарсалар аниқланмаган.

Ўтказилган тезкор суриштирув давомида, фуқаро Н.И.Нурбекова (Ф.И.Ш. ўзгартирилган) ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чалғитиб, ёлғон хабар бергани аниқланган. Бу савдо мажмуасига ҳам сезиларли миқдорда моддий зиён етказди.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.