Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорини камайтириш ва унинг энг кам миқдорини белгилаш мақсадида қонунчиликка ўзгартиш киритиш ташаббуси билан чиқишди. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг 28 апрелдаги йиғилишида кўриб чиқилди, деб хабар берди палата сайти.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима белгиланган. Унга кўра, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
«Жариманинг 450 минг сўм, яъни анча юқори миқдори фуқароларнинг, айниқса кам таъминланган оилалар аъзолари бўлган фуқароларнинг паспорт олмаслигига ёки уларни амал қилиш муддати ўтганидан кейин алмаштирмасликни афзал кўришларига олиб келган», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.
Депутатлар ушбу масалани жорий йил бошидан ҳар ойда ҳудудларда ўтказилган сафарлари давомида батафсил таҳлил қилди.
Нормуратбой Хамраев
Ҳақиқатдан ҳам депутатлар тўғри таклифни киритишган. Кўп йиллар маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган даврларимда худди шундай ҳолатларга дуч келганман. Нима учун паспортингизни муддатида алмаштирмагансиз деб сўраганингизда, кам таъминланган оила вакилларини: маблағимиз йўқ, имкониятимиз бўлса кейинроқ алмаштирамиз деб жавоб беришган.
Албатта депутатларимиз кам таъминланган оилаларни ўз сафарларида батафсил таҳлил қилишибди, энди жарима миқдорини белгилашда ана шу жиҳатларни ҳисобга олишса мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Кобилжон Атаханов
Ваниҳоят, депутатларимизда жуда ҳам долзарб бўлган муаммоли масалани, яъни қонунчиликдаги, фуқароларимизни айни вақтда иқтисодий жиҳатдан мушкул вазиятга солиб қўяётган масалага эътибор билан муносабат билдиришларига ВАҚТ топиб, ЭЪТИБОР билан ёндошишларига имконият топилибди. Бу ҳолат жуда ҳам ажабланарли. Нега — дейсизми?!
Мазкур саволга мен шахсан ўзимнинг шахсий фикр ва мулоҳазаларимни қуйидагича баён этаман. Депутатликка номзодлари кўрсатилган халқ вакиллари ўз номзодлари депутатлик мандати билан тасдиқлангач, халқнинг дардини тезда унутиб қўйишади. Оёқлари ердан узилади ва ўз шахсий манфаатларини кўзлаб халқдан узоқлашиб кетадилар.