«Насаф» мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ОАВ талқини бўйича 2016 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи ва футболчиси деб топилди. Бу ҳақда Футбол федерацияси хабар қилди.

Сўровномада 19 нафар журналист ва блогер иштирок этди. Тақдим этилган футболчилар орасида Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов 33 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринни банд этди. «Локомотив"нинг собиқ ҳужумчиси, айни дамда Қатарнинг «Ал-Сайлий» таркибида тўп сураётган Темурхўжа Абдуҳолиқов (22) иккинчи, Москванинг «Локомотив"и ҳимоячиси Виталий Денисов (16) учинчи ўринни эгаллади.

Одил Аҳмедов бешинчи маротаба мазкур титул соҳиби бўлди. У 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда ҳам энг яхши деб топилган.

«Энг яхши мураббий» номинациясида Рўзиқул Бердиев 32 балл тўплади. Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси билан ўтган мавсумда Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат Кубогини қўлга киритган Андрей Микляев 23 балл билан иккинчи ўринни банд этди. 19 ёшгача Ўзбекистон ёшлар термаси билан ишловчи Жасур Абдураимовга «бронза» насиб этди.