Ярим профессионал Uzbek Tigers бокс клуби боксчилари WSB Жаҳон бокс серияси олтинчи саралаш босқичи доирасида меҳмонда Patriot Boxing Team билан кечган учрашувда мағлуб бўлганига қарамасдан, мусобақанинг чорак финалига йўл олди. Беллашувлар 21 апрель куни Россиянинг Перм шаҳрида бўлиб ўтди.

Жамоалар С2 гуруҳига мансуб 52, 60, 69, 81 ва +91 кг вазн тоифаларида баҳс олиб борди.

52 кг гача вазн тоифасида Аброржон Қодиров (2 ғалаба, 4 мағлубият) Вячеслав Ташкараков (2−5) билан беллашди. Ўзидан қарийб 10 ёш катта бўлган рақибига қарши ишончли жанг олиб борган Ўзбекистон вакили уч раунд якунларига кўра ҳакамлар томонидан бир овоздан ғолиб деб топилди — 0:3 (47/48, 46/49, 45/50).

Иккинчи жангда 60 кг гача вазн тоифасида Улуғбек Дўсмуродов (0−1) WSBдаги дебютида Константин Богомазовга (3−3) қарши рингга чиқди. Бироқ ғолиблик россиялик боксчига насиб этди — 3:0 (48/47, 49/46, 48/47).

69 кг гача вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс Одилжон Аслонов (0−1) ва Артём Зайцев (2−0) ўртасида кечди. Баҳс Россия боксчи фойдасига якун топди — 3:0 (48/46, 49/46, 48/47).

Биринчи оғир вазнда рингга чиққан Мадиёр Саидраҳимов (0−1) Павел Силягинни (8−1) фақатгина бир раундда юта олди. Натижа эса Россия боксчиси фойдасига — 2:1 (48/47, 46/49, 49/46).

Учрашувдаги сўнгги баҳсда 91 кг дан юқори вазн тоифасида Мирзабек Ҳасанов (3−1) эса Артём Сусленков (0−1) билан куч синашди. Россиялик рақибида 6 кг вазн оғир бўлишига қарамасдан, Uzbek Tigers боксчиси устидан ғалаба қозона олмади — 3:0 (47/48, 46/49, 47/48).

Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда 12 мамлакат 3 та саралаш гуруҳига: А — Америка, В — Осиё ва С — Европа бўлинган ҳолда ўзаро беллашмоқда. Россия клуби билан учрашгунга қадар «Ўзбек йўлбарслари» WSB чорак финалини нақд қилиб қўйган эди. Мусобақа плей-оффида саккиз жамоа — ҳар бир квартетда биринчи ва иккинчи ўринларни олган олти клуб ва қолган жамоалар орасида энг яхши натижани қайд этган икки терма ўзаро баҳс олиб боради.

Шундай қилиб, мусобақанинг кейинги босқичига Cuba Domadores (Куба), Colombia Heroicos (Колумбия), British Lionhearts (Буюк Британия), Italia Thunder (Италия), France Fighting Roosters (Франция), Astana Arlans (Қозоғистон), Patriot Boxing Team (Россия) ва Uzbek Tigers (Ўзбекистон) клублари йўл олди. Чорак финал жуфтликлари душанба куни маълум бўлади.

Бокс федерациясининг «Газета.uz"га маълум қилишича, Uzbek Tigers клубининг навбатдаги жанги 13 май куни бўлиб ўтади. Бу сафар беллашувларнинг Самарқандда ташкил этилиши кутилмоқда.