2013 йилдан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини бошқариб келган Бахтиёр Абдусаматов Юнусобод туман ҳокими этиб тайинланди. «Газета.uz"даги мазкур хабар туман маъмурияти томонидан тасдиқланди.

Бахтиёр Абдусаматов (1976 йилда туғилган) Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (1996 йил) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2003) тамомлаган. 2011−2013 йилларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари бўлган. Муқаддам ТИАИСда турли лавозимларда фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни ўтказилган кенг кўламли видеоселекторли йиғилишда бир қатор амалдорларни самарасиз иши учун танқид остига олган эди. Ҳукумат бошлиғининг мажлис якунига кўра қабул қилган қарорида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқа бир қатор маҳкамалар қатори Президент ва ҳукумат қарорлари ва бошқа актлар ижросини ўз муддатларида адо этмаётгани ҳақида сўз кетади.

Юнусободнинг аввалги ҳокими Мираъзам Мирқосимов март ойи охирида ўз лавозимидан озод қилинди. У мазкур лавозимда 2016 йилнинг октябрида тайинланган эди.