РИА Новости — Туркияда ўтказилган конституцион референдумда президентлик бошқарув шакли тарафдорлари унча катта бўлмаган фарқ билан парламент бошқаруви тарафдорлари устидан ғалаба қозонди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, улар 51,2 фоиз ёки конституцион ислоҳотларга қарши турганларга нисбатан 1,25 миллион кўпроқ овоз тўплашга муваффақ бўлди.

Президентлик тизимига ўтиш бўйича конституцион ўзгаришлари аввалроқ Туркия парламенти томонидан тасдиқланиб, Президент Режеп Таййип Эрдўғон томонидан имзоланган эди.

Лойиҳани «Адолат ва тараққиёт» ва «Миллий ҳаракат» партиялари қўллаб-қувватлаган бўлса, Эрдўғонни яккаҳокимлик ўрнатишга уринишда айблаган мухолиф партиялар — Халқ демократик партияси ва курдпараст Халқ демократик партияси бунга қарши чиқди.

Туркия конституциясининг 18 та моддасига киритилаётган ўзгартишларга кўра, президент давлат тизими раҳбарига айланади, у вице-президентлар, вазирлар ва юқори даражали амалдорларни тайинлаш ваколатига эга бўлади. Бош вазир лавозими бекор қилиниб, ижро ҳокимияти президент қўл остига ўтади. Фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқи президентга ўтиб, ФҲ тартиби бўйича давлат раҳбари қарори парламент томонидан тасдиқланади. Давлат раҳбари парламентнинг дастлабки тасдиғидан ўтиши шарт бўлмаган қонун кучига эга бошқа қарорларни ҳам қабул қилиши, бироқ келгусида парламент уларни бекор қилиши мумкин.

Парламент депутатлари сони 550 дан 600 нафарга оширилади. Номзодлар учун ёш чегараси 25 дан 18 га туширилади. Сайловларни қайтадан ўтказиш тўғрисида парламент ҳам, президент ҳам қарор қабул қилиши мумкин. Қонунчилик ва ижро ҳукумати органлари сайловлари бир кунда ўтказилади. Парламент ва президент беш йил муддатга сайланади, бунда давлат раҳбари ўз лавозимидан кетма-кет икки мартадан ортиқ муддат ўтириши мумкин эмас. Президент парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлди, бироқ шундай қарорга келган тақдирда ўзи ҳам қайта сайланиши лозим.

Навбатдаги парламент ва президент сайлови 2019 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. Шундан сўнг президентлик бошқарув тизими тўғрисидаги низом бандлари кучга киради.