12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди раисининг ўринбосари Бўритош Мустафоев вафот этди, деб хабар қилинди суд сайтида.

Бўритош Мустафоев 1949 йили Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университети юридик факультетини тамомлаб, ўз фаолиятини Самарқанд вилояти прокуратурасида бўлим прокурори лавозимида бошлаган.

Узоқ йиллар давомида прокуратура органларида масъул лавозимларда ишлаб, 1989 йилда Ўзбекистон прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланди.

1998 йилдан Президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари, адлия вазири ўринбосари, Конституцион суд раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, адлия вазири, Олий суд раиси лавозимларида фаолият кўрсатди.

2014 йил августида Конституцион суд раиси ўринбосари этиб сайланди.

Бўритош Мустафоев «Ўзбекистон хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони, II даражали «Шон-шараф» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.