27 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга ташриф буюрган Россия Федерацияси Президентининг Халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, МДҲга аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик давлатлараро жамғармаси (ГҲДЖ) бошқаруви ҳамраиси Михаил Швидкойни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашув чоғида маданий-гуманитар соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари Ўзбекистон ва Россия ўртасида динамик ривожланаётган алоқаларнинг муҳим қисми сифатида муҳокама қилинди.

Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида Ўзбекистон Миллий музейи жамғармасининг катта миқдордаги рассомчилик ва графика асарлари, археология топилмалари ва амалий санъат ишлари тақдим этилувчи бўлажак «Шарқ хазинаси» номли кенг миқёсли кўргазма, шубҳасиз, Ўзбекистон-Россия муносабатларида ҳамда Москва маданий ҳаётида тимсолий воқеага айланади, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида ўзаро манфаатли бўлган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда Россия элчиси Владимир Тюрденев, ГҲДЖ ижочи директори Анатолий Иксанов иштирок этди.