Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг ангионеврология бўлими негизида Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилади. Бош вазир Абдулла Арипов 14 март куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорини имзолади.

Тиббиёт муассасаси ангионеврология соҳасида мувофиқлаштирувчи марказ бўлади. Бу ерда мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш йўли билан уйқу ва юракнинг қон томирлари артериялари шикастланишига чалинган беморлар даволанади.

Марказ малакали ангионевролог мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали операциялар, таълим берувчи маърузалар ва семинарлар ташкил этиш билан ҳам шуғулланади. Тиббиёт муассаси сурункали мия қон-томир етишмовчилиги касаллигига чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистонда инсульт касаллиги миллий регистрини ишлаб чиқади.