Самарқанд вилояти ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев 12 март куни амалий ташриф билан Татаристонга (Россия) борди. Қозон халқаро аэропортида уни Татаристон бош вазири Ильдар Халиков кутиб олди, деб хабар берди Татаристон ҳукумати матбуот хизмати.

Ҳиммат Оқбўтаев «Алабуга» иқтисодий зонаси, «КАМАЗ» автомобиль заводи ишлаб чиқариш майдони, «Центр медицинской науки"/"Эйдос» тиббий симуляторлар минтақавий инжиниринг маркази ва «Казань» Агросаноат паркига ташриф буюришни режалаштирган. У «ИТ-парк» технопарки ва Иннополис фан шаҳарчаси мисолида Татаристонда информацион технологиялар тараққиёти билан ҳам танишади.

Самарқанд вилоят маъмурияти раҳбари «Казанская ярмарка» кўргазма марказидаги XVIII халқаро «Энергетика. Ресурсосбережение» ихтисослаштирилган кўргазмаси очилишида ҳам иштирок этади. Ҳиммат Оқбўтаев, шунингдек, Татаристон Савдо-саноат палатасида Самарқанд вилояти иқтисодий салоҳияти тақдимотини ўтказади.

14 март куни Ҳиммат Оқбўтаев Қозон Кремлида Татаристон Президенти Рустам Минниханов билан учрашади. Томонлар минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш учун одимларни белгилаб олишни режалаштирган.