Соғлиқни сақлаш вазири қарори билан биринчи тиббий-санитар ёрдам муассасалари (марказий кўп профилли поликлиникалар, оилавий шифохоналар ва қишлоқ врачлик пунктлари) ходимлари тўлдирадиган журналлар сонини қарийб 100 тадан 20 тага қадар қисқартирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Қайд этилишича, қарор тиббиёт муассасалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинди. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўп миқдордаги ҳужжатларни тўлдириш кўп вақт талаб қилиб, тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тиббиёт ходимининг асосий вазифаси — ҳужжатларни тўлдириш эмас, балки инсонлар билан мулоқот қилиш, касалликлар профилактикаси ва уларни бартараф этиш, даволашдан иборат, дея қайд этилади вазирлик хабарида. Қарор кучга кириши билан вазирлик томонидан қабул қилинган бир қатор ҳужжатлар ўз кучини йўқотди.