Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7 март куни Амударё орқали ўтувчи янги Туркманобод-Фароб темир йўл ва автомобиль кўприкларини очди. Икки давлат раҳбарлари рамзий тасмаларни кесиб, ҳар икки транспорт магистралларини кесиб ўтган илк йўловчилар бўлишди, деб хабар қилди Туркманистон Давлат ахборот агентлиги.

Амударё орқали ўтган кўприклар Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё давлатлари юкларини Каспий денгизи, сўнгра Қора денгиз ва Ўрта Ер денгизи минтақаси орқали Европа, Кавказорти, Яқин ва Ўрта Шарққа бевосита олиб чиқувчи йўлни очади.

Темир йўл кўпригининг узунлиги 1750 м бўлиб, унинг қурилишида ўта оғир вазнли юк поездини ҳисобга олган ҳолда зилзилага бардошлиги ва эксплуатация мустаҳкамлиги оширилган конструкциялар қўлланилган.

Фото: tdh.gov.tm.

Тўрт қаторли автомобиль кўпригининг кенглиги 21,5 м ни ташкил этади. Кўприкнинг ҳар икки томонидан 1,5 м энликдаги пиёдалар йўлаги ётқизилган.

Кўприклар очилганидан сўнг бири орқали Ўзбекистон томонидан темир йўл таркиби, иккинчиси орқали эса Туркманистон томонидан Ўзбекистонга туркман карбамиди, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ортилган юк машиналари карвони ўтди, дейилади хабарда.