Ўзбекистон 2017 йилда 199 та инвестицион лойиҳа бўйича 4,505 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан тасдиқланган жорий йил учун инвестицион дастурда ўз аксини топган.

Хусусан, хорижий кредитлар ҳисобига ҳукумат кафолати остида 79 та лойиҳа бўйича 1,854 млрд доллар, 120 та лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан — 2,65 млрд доллар ўзлаштириш белгиланган. Хорижий инвестицияларнинг энг катта қисми — 37 та лойиҳа бўйича 2,47 млрд доллар — ёқилғи-энергетика соҳасида ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси 2017 йилда умумий қиймати 8 млрд доллардан зиёд бўлган лойиҳани амалга ошириш учун 1,217 млрд долларни инвестиция киритади. Gas Project Development Central Asia (GPD, Gazprom International шўъба тузилмаси) Устюрт ва Сурхондарё вилоятидаги газ конлари ишланмаси учун қиймати 1,3 млрд долларга яқин иккита лойиҳани амалга оширишга киришади.

Энергетика соҳасида халқаро молия институтларининг хорижий кредитлари ҳисобидан 17 лойиҳага 506,7 млн долларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems компаниялари умумий қиймати 1,5 млрд долларга яқинроқни ташкил этувчи иккита лойиҳа — Наманган вилоятида 900 МВт қувватли Тўрақўрғон иссиқлик электростанцияси (ИЭС) ҳамда Навоий ИЭСда 450 МВт қувватдаги буғ-газ ускунаси қурилишини амалга оширишга киришади. Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси Самарқанд вилоятида қуёш электр станцияси қурилишини бошлайди.

Расмий статистикага кўра, 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 11,3 фоизга ортиб, 3,7 млрд доллардан ошди. Ўтган йили умумий қиймати 5,2 млрд доллар бўлган 164 та йирик инвестицион лойиҳа якунига етди.