«Бунёдкор» футбол клуби 2017 йилги Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи иккинчи тури доирасида бўлиб ўтган уй учрашувида Бирлашган Араб Амирликларининг"Ал-Айн" жамоасидан мағлубиятга учради. 28 февраль куни Тошкентда ўтказилган учрашув 2:3 ҳисобида якун топди.

Учрашув кўтаринки руҳда бошланди, дастлабки 15 дақиқа ичида жамоалар учта гол киритишди. Ҳисобни меҳмонлар очди — Умар Абдулраҳмон 8-дақиқада жарима тўпини муваффақиятли амалга оширди. Орадан икки дақиқа ўтиб «қалдирғочлар» ҳисобни тенглаштирди, бироқ кўпга эмас. Лукас Кайо «Ал-Айн"ни олдинга олиб чиқди. Биринчи қисм якунланиши арафасида ёш яримҳимоячи Достонбек Ҳамдамов чам қанотдан тезкор ҳужум уюштириб, ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи таймда мезбонлар бир киши кам бўлиб ўйинни давом эттирди — ҳимоячи Акромжон Комилов 72-дақиқада қизил карточка олди. Умар Абдулраҳмон 11 метрлик жарима тўпини гол билан якунлади ва дубль қайд этди.

Икки турдан сўнг «С» гуруҳида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» (6) жамоаси етакчилик қилаётган бўлса, кейинги ўринларда «Ал-Айн» (4) ва Эроннинг «Зоб Ахан» клуби бормоқда. Сергей Лушан жамоаси ҳисобида бирорта ҳам очкоси бўлмаган ҳолда сўнгги ўринни банд этиб турибди.

Статистика

Видео