Губернатор Владимир Городецкий бошчилигидаги Новосибирск вилояти делегацияси ва Россия тадбиркорлари вакиллари 3−5 февраль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар қилди «Ўзагроэкспорт"компанияси матбуот хизмати «Газета.uz» га.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосарлари Улуғбек Розиқулов ва Зойир Мирзаев билан учрашувда мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси ҳажмини ошириш ва уларни тизимли марказлаштирилган ҳолда етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунлари бўйича 2016 йил декабрида ташкил этилган «Ўзагроэкспорт-Сибирь» савдо уйи орқали 2017−2019 йилларда Сибирь федераль округига Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини йил давомида етказиб беришни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Россия делегацияси вакиллари «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясида амалий учрашув ўтказиб, экспорт шартномалари пакетини тайёрлаш ва логистика жараёнини оптималлаштиришни муҳокама қилди.

Владимир Городецкий Gold Dried Fruits компаниясига ташриф буюриб, мева ва сабзавотларнинг кенг ассортиментини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, қуритиш, музлатиш, сақлаш ва ортиш жараёнлари билан танишди.