Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида ташкилий равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётига барҳам берилди, деб маълум қилди Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ). 1 февралда эълон қилинган ХМТ ҳисоботида пахта йиғим-терими секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга чек қўйиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирларни қайд этиб ўтди.

«Болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистон ташкилий равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётига барҳам берди», — дейилади ХМТнинг 2016 йилда пахта йиғим-терими кампанияси мониторинги натижалари бўйича ҳисоботида.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2016 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган умуммиллий ахборот кампанияси шарофати билан мамлакат жамоатчилиги меҳнат муносабатларида тақиқланган амалиётлар ҳақида яхшироқ хабардор бўлди. Кампания давомида 800 дан зиёд баннер, 400 минг плакат, 100 минг брошюрадан, теле- ва радиоканаллар имкониятларидан фойдаланилди, матнли хабарлар тарқатилди.

ХМТ Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши курашдаги давлат вазифалари ва чора-тадбирларининг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиб, қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, таълим секторида Жаҳон банки қўллаб-қувватлаётган лойиҳалар доирасида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари учрамаганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда, ХМТ фуқароларнинг айрим тоифалари, жумладан талабалар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари ва давлат хизматчилари ҳали-ҳамон мажбурий меҳнат хавфи остида қолаётганини эслатиб ўтди.

Ҳисоботда катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш хавфини бартараф этиш мақсадида келгусидаги қадамларни ташлаш учун нималар талаб қилиниши ҳам келтириб ўтилган. Бунда Ўзбекистон ҳукумати бу каби хавфлар мавжудлигини тан олиши, меҳнат муносабатларида исталмаган амалиётлардан фойдаланиш хавфини камайтиришга қаратилган сиёсат чора-тадбирларини яхшилашни давом эттирилиши қайд этилди.

Пахта йиғим-терим кампанияси якунлари бўйича ХМТ ва Жаҳон банки Ўзбекистонда яна икки йил ҳамкорлик қилиши тўғрисида келишувга эришди.

ХМТ хабарида Ўзбекистонда Жаҳон банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган давлат лойиҳалари мамлакатга пахта ишлаб чиқаришдан воз кечиш ҳамда меҳнат муносабатлари амалиётини яхшилаш йўли билан мажбурий меҳнат хавфини камайтириш, тижорий жиҳатдан фойдали, кам меҳнат талаб қилувчи қишлоқ хўжалиги ўсимликларини етиштириш ҳисобига қишлоқ хўжалигининг механизация ва диверсификация даражасини ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилган.