25 декабрь куни Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маърузада мустақиллик йилларида Навоий вилоятида барча соҳаларда диққатга сазовор ислоҳотлар амалга оширилгани, янги бино ва иншоотлар, ижтимоий объектлар, уй-жойлар барпо этилгани таъкидланди.

Айни пайтда вилоятда жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган бир қатор долзарб масалалар мавжуд эканлиги ҳам қайд этилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун мавжуд бўлган жуда катта имкониятлар ишга солинмаяпти.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Кабул Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб сайланди.

Вилоятнинг аввалги ҳокими Эркинжон Турдимов 16 декабрь куни Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланган эди.