Гипермаркет ва дўконлар тармоғини бошқарувчи Makro компанияси Sunday супермаркетлар тармоғини сотиб олганини маълум қилди. Мазкур хариддан сўнг Makro Тошкент ва вилоятлардаги 40 та савдо масканини бошқарадиган бўлди.

«Sunday`дан Makro`га босқичма-босқич ўтилади — дастлаб Тошкентда, сўнгра вилоятларда», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

2010 йилда асос солинган Makro тармоғи айни дамда пойтахтдаги 14 та супермаркетга эгалик қилади. Аввалига гипермаркетлар форматида асос солиган компания яқинда Makro Express номи остида «уйда» шаклидаги дўконларни очишни бошлади.

Sunday тармоғига эса 2015 йилда асос солинган бўлиб, 26 супермаркетни бошқаради. Уларнинг 13 таси Тошкентда, яна шунчаси вилоятларда (Фарғона водийси, Самарқанд, Навоий ва бошқаларда) жойлашган.