25 ноябрь куни «Ўздавтемирйўлназорат» инспекцияси биносида «Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида"ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган семинар бўлиб ўтади, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати.

Қонунга киритилаётган ўзгартишлар термир йўл транспорти ва у билан боғлиқ хизматлар соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда мазкур жабҳани халқаро шартномалар талаблари билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Ўзгартишлар темир йўл транспорти соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, темир йўл транспорти ҳамда у билан боғлиқ ишлар ва хизматлар соҳасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, мазкур жабҳада рақобатни ривожлантиришга хизмат қилиши лозим.

Лойиҳа амалдаги қонунда мавжуд бўлган камчилик ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, темир йўл соҳасидаги алоҳида муносабатларни қонуний тартибга солишни кўзда тутади. Унда «ташувчи», «умумий ва ноумумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти», «ноумумий фойдаланишдаги темир йўллар», «темир йўл транспорти инфратузилмаси» каби тушунчаларга изоҳ берилиб, темир йўл транспортида хавфсиз ҳаракатланишга бўлган асосий талаблар кўриб чиқилган.

Қонун лойиҳаси ва унга тушунтириш хати ҳамда бошқа ҳужжатлар «Ўзбекистон темир йўллари» сайтига жойлаштирилган.