«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси авиапарки иккинчи Boeing 787−8 Dreamliner лайнери билан тўлди. Сиэтлдан 12 соат атрофида қўнишсиз парвозни амалга оширган янги самолёт шанба куни 11:30 да Тошкент аэропортига қўнди.

Биринчи «Орзудаги лайнер» етиб келганидан буён икки ой муддат ўтди. Амалий жиҳатдан янги ҳисобланган ҳаво кемасини бошқаришни ўзлаштириб олган Boeing 787 парвоз отряди самолётни мустақил равишда олиб келди.

«Boeing 787 нинг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон фуқаролик авиацияси ва йўловчиларимизга хизмат кўрсатишда янги давр бошланганидан далолат беради, — таъкидлади МАК бош директори Валерий Тян пойтахт аэропортида ўтказилган брифингда. — Айни пайтда, бу авиаторларимиз зиммасига улкан масъулиятни юклайди».

Boeing президенти Рэймонд Коннер сентябрь ойида Тошкентга қилган ташрифи чоғида Миллий авиакомпания яна учта «Орзудаги лайнер"ни харид қилиш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди. Бу сафар ўриндиқлари сони оширилган 787−9 модификацияси сотиб олинади. МАК ўриндиқлар орасидаги масофа кенгроқ бўлган, дисплейлари каттароқ ва бошқа қулайликларга эга лайнерларга буюртма беришни режалаштирган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 5 сентябрдан Boeing 787 дан тижорий мақсадда фойдаланишни бошлаб юборди. Биринчи рейс 9 сентябрь куни Олмаотага амалга оширилди. Айни пайтда мазкур самолёт Дубай, Деҳли, Истамбул, Тель-Авив, Олмаота, Москва ва бошқа шаҳарларга парвоз қилмоқда.

Иккинчи «Орзудаги лайнер» фойдаланишга топширилиши билан МАК мазкур турдаги самолётлар билан бошқа мамлакатларга ҳам рейсларни амалга оширади. Жумладан, келгуси йилдан Нью-Йоркка қўнишсиз парвозлар йўлга қўйилади. Валерий Тяннинг сўзларига кўра, ҳисоб-китобларга биноан парвоз муддати 16 соатни ташкил этади.

Фото