Ироқ ҳарбийлари Мосулни озод қилиш бўйича ер усти операциясини бошлади

Ироқ ҲК бош қўмондони, бош вазир Ҳайдар ал-Абадий мамлакатда йириклиги бўйича иккинчи ўринда турувчи шаҳарни «Ислом давлати» террористик гуруҳи жангарилари қўлидан озод қилиш бўйича кенг миқёсли ер усти операцияси бошланганини маълум қилди. Бош вазирнинг қайд этишича, 6000 экстремист назорати остидаги 1,3 миллионга яқин киши истиқомат қилаётган Мосул шаҳри ИД жангариларидан Ироқ армияси ва маҳаллий полиция отрядлари ёрдамида озод қилинади.

«Маҳаллий аҳолини озод қилувчи кучлар билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз», — деди Ҳайдар ал-Абадий. Sky News Arabia телеканали ахборот манбалари маълумотларига кўра, 60 минглик армияга АҚШ бошчилигидаги халқаро антитеррор коалицияси, ҳукумат авиацияси ҳамда артиллерия кўмак беради. Бир неча кундан буён оммавий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Пентагон АҚШнинг кўмак кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади. [ТАСС]

Япония жанубий Курил оролларини Россия билан биргаликда бошқариш режасини рад этди

Япония ТИВ душанба куни Токио Москва билан баҳсли оролларни биргаликда бошқариш масаласини муҳокама этмаганини маълум қилди. «Биз Япония ва Россия шимолий ҳудудларни биргаликда бошқаришни муҳокама қилмоқда, деган Nikkei баёнотини инкор этамиз, — дея сўзга чиқди Япония ТИВ матбуот котиби Ясухиса Кавамура. — Тўртта оролнинг кимга тегишли эканлиги ва тинчлик шартномасини тузиш масаласи бўйича Япония позицияси ўзгаришсиз қолади». [Reuters]

Тупак Шакурни ўқдан асраб қолган медальон 125 минг долларга сотилади

Таниқли рэп қўшиқчиси Тупак Шакур (1971−1996)га тегишл олтин медальон АҚШда ким ошди савдосига қўйилд. Мазкур ювелирнинг бошланғич баҳоси 125 минг доллар деб белгиланди. Саккиз грамлик қимматбаҳо тақинчоқ бриллиантлар билан безатилган. Айни пайтда медальонга эгалик қилаётган Moments in Time дўкони хўжайини Гэри Зиметнинг таъкидлашича, унинг остки қисмида из қолдирган ўқ репэрга йўналтирилган бўлган. Ҳодиса Нью-Йоркда, қўшиқча вафотидан икки йил муқаддам содир бўлган. Бир неча жиноятчи овоз ёзиш студияси биносида унга ташланиб, 40 минг долларлик қимматбаҳо буюмларини олиб, сўнгра унга қарата бир неча маротаба ўқ узган. Бешта ўқ мўлжалга теккан бўлса, кўкракка қаратиб отилган биттасини медальон қайтариб қолган. Ҳодисадан икки йил ўтиб 2Pac, Makaveli ва Pac тахаллуслари остида ижод қилувчи Тупак Шакурни Лас-Вегас (Невада штати) яқинидаги шаҳарчада жойлашган меҳмонхона олдида отиб кетишди. Жиноятчилар топилгани йўқ. Тупак Шакур Rolling Stones журнали талқинига кўра «барча замонларнинг энг яхши 100 ижрочиси» рўйхатидан жой олган. [TMZ].

АҚШ ва Буюк Британия Сурияга қарши янада қаттиқроқ санкцияларни жорий этмоқчи

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Лондонда бўлиб ўтган Суриядаги вазият бўйича кўп томонлама учрашувдан сўнг Ғарб Сурия ҳукумати ва унинг иттифоқчиларига қарши янги иқтисодий чоралар қўлланилиши масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди. «Биз қўшимча санкцияларни кўриб чиқаяпмиз», — деди Керри Суриядаги ҳарбий операцияларга оид саводлларга жавоб берар экан. Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон эса Россияга қарши санкцион босимни кучайтириш ташаббуси билан чиқди. Учрашувда Керри ва Жонсондан ташқари Франция, Саудия Арабистони, Иордания ТИВ раҳбарлари ҳамда Германия, Италия, БАА, Туркия ва Еврокенгаш дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. [The Guardian]