Боксчи Ҳасанбой Дўсматов Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон вакиллари ичида биринчи олтин медални қўлга киритди.

Якшанба куни 49 кг гача вазн тоифасида бўлиб ўтган финал баҳсида Осиё чемпиони ва WSB (Ярим профессионал бокс лигаси)нинг енгилмас жангчиси 23 ёшли Дўсматов 24 ёшли колумбиялик Юберхен Мартинес Ривас устидан ғалаба қозонди.

Уч раунд якунларига кўра, ҳакамлар бир овоздан Ҳасанбой Дўстматовни ғолиб деб топди (3:0 — 30:27, 30:27, 30:27).

Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин (Сидней-2000) Олимпиада «олтин"ини қўлга киритган иккинчи боксчи сифатида Ўзбекистон тарихига кирди.