Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 24−25 август кунлари Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақдаги қарор 5 август куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан қабул қилинди.

Сенат ахборот хизмати маълумотларига кўра, мажлисда бир қатор қонунлар, жумладан, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги (янги таҳрири), «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги (янги таҳрири) ва бошқа қонунлар кўриб чиқилади.

UzReport`нинг ёдга олишича, ўтган йилнинг декабрида Конституциянинг 23 йиллигига бағишланган мажлисда Ўзбекистон Президенти ички ишлар органларининг мақоми, шакли ва фаолият усулларини аниқлаштириш, биринчи навбатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди. «Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонун ички ишлар органларининг вазифа ва йўналишлари ҳамда улар фаолиятининг бошқа қирраларини ягона қонуний актда белгилаб беради.

«Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси эса мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг давлат ва жамият ривожидаги интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини мужассамлаштиришга қаратилган.