Осиё тараққиёт банки 2016 йилда Марказий Осиё иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичлари башоратини 2,1 фоиздан 1,7 фоизга, 2017 йилда эса 2,8 фоиздан 2,7 фоизга қадар пасайтирди. ОТБнинг янги ҳисоботида келтирилишича, башоратларнинг ёмонлашувига хом ашё товарлари баҳосининг пастлиги ва Россия Федерациясидаги тангликнинг сақланиб қолаётгани сабаб бўлмоқда.

Углеводородлар экспортидан тушадиган даромадларнинг камайиши Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда харажатларни қисқартириш бўйича чораларнинг кучайишига олиб келади, дейилади ҳисоботда.

Пул ўтказмаларининг камайиши, айниқса Россиядан, мазкур минтақадаги ички истеъмолга таъсир этишда давом этмоқда, қайд этилади ҳужжатда.

Бутун Осиё-Тинч океани минтақаси учун ўсиш прогнозлари жорий йилда оз миқдорда камайтирилган — 5,7 фоиздан 5,6 фоизга, келгуси йил учун эса ўзгаришсиз қолган — 5,7 фоиз. Жанубий, Шарқий ва Жанубий Шарқий Осиёдаги барқарор кўрсаткичлар манзарасида ўсиш ҳам ўз ўрнини сақлаб турибди. Ушбу ҳолат АҚШ иқтисодиёти ва бозорлардаги Brexit`дан кейинги қисқа муддатли талвасалар таъсиридаги секинлашувларни тиклашга ёрдам беради.

Декабрда ўзининг 50 йиллигини нишонлайдиган ОТБга 67 давлат аъзо бўлган.