Ўзбекистон тижорат банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига нисбатан 23,3 фоиз ошиб, 2016 йил биринчи ярмида 8,6 трлн сўмни ташкил этди. Банк активлари эса 25,1 фоизга ўсиб, 73,4 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг кенгайтирилган Бошқарув мажлисида маълум қилинди, дея хабар бермоқда МБ матбуот хизмати.

Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ўтган 26,2 фоизга кўпайиб, 48 трлн сўмдан ошиб кетди. Инвестицион кредитлари ҳажми 5,8 трлн сўмни ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошиқ бўлди.

Ўтган олти ой давомида кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар миқдори 8,3 трлн сўмни ташкил этиб, уларнинг 1,8 млрди микрокредитлардир. Бу борадаги ўсиш 30 фоиздан иборат бўлди.

Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар миқдори ҳам 1,3 баробар ошиб, 897,1 млрд сўмдан зиёд бўлди.

Банкларнинг жами депозитлари миқдори 27,7 фоиз ўсиб, ҳозирги кунда 40,1 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Ҳозирги пайтда республикада 18,2 млн донадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 200,8 минг донага етди.