29 июндан 10 июлга қадар афсонавий ультра-марафончи Дин Карнасис Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қирғизистон орқали қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб югуриб ўтади. АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкиллаштирилаётган мазкур югуриш уч мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматининг хабар қилишича, Дин Карнасис Спорт элчиси (Sports Envoy) дастури доирасида 11 кун ичида Тошкентдан Бишкекка, уердан Олмотагача 525 километр масофани босиб ўтади.

АҚШ вакили сифатида Карнасис бир кунда ўртача 80 километр югурар экан, ўз йўлида одамлар билан танишиб, югуриш бўйича қисқа машғулотлар ўтказиш, барча ёшдаги кишиларни ўзи билан бирга югуришга таклиф этишни мўлжаллаган.

«Одамлар, маданиятлар ва тарихларни боғлаган ҳолда Диннинг Марказий Осиё орқали саёҳатиспорт дипломатиясининг турли маданият ва миллатга мансуб кишиларни бирлаштиришдаги ўзига хос кучини намойиш этиш имконини тақдим этади», — дейилади Америка элчихонаси хабарида.

TIME журнали Дин Карнасисни дунёдаги 100 нафар энг таъсирли инсонлар рўйхатига киритган. Men’s Fitness эса уни сайёрамиздаги энг атлетик деб атаган. Кўп сонли ютуқлари орасида уч кеча давомида уйқусиз 563 километр масофани югуриб ўтгани эсга олинади. У 49 даража иссиқда Ўлим водийси бўйлаб, шунингдек, 40 даража совуқда Жанубий қутб бўйлаб марофонни амалга оширган.