Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази «бизнес бошқаруви"(МВА) мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрловчи Ўзбекистондаги илк давлат таълим муассасаси бўлди.

Корпоратив бошқарув маркази Президентнинг ўтган йилнинг 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони асосида Олий бизнес мактаби базасида ташкил этилган эди. Унда корпоратив бошқарувнинг ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий этишни методик таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада халқаро талаблар ва стандартларга мос равишда бошқарув ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш вазифалари топширилган.

Марказдан «Газета.uz"га хабар қилинишича, MBA мутахассислиги бўйича ўқув дастурлари хорижий мамлакатларнинг илғор бизнес мактаблари ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқилган. Машғулотлар мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, давлат органлари ва муассасаларнинг раҳбар ва мутахассислари, йирик компания ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилади.

Иккинчи хорижий тил сифатида хитой, корейс ва япон тиллари JICA, KOICA ва Конфуций номидаги хитой тили ва маданияти институтининг мутахассисларини таклиф этган ҳолда ташкиллаштирилади.

Магистратурани муваффақиятли тамомлаганларга бизнес бошқаруви магистри даражаси ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Марказ ўз фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Марказий банк билан доимий асосда ўзаро ҳамкорлик қилади. Назарий тайёргарликнинг бошқарув фаолияти амалиёти билан мустаҳкам алоқасини, тингловчиларнинг хўжалик бошқаруви органларида, акциядорлик жамиятларида ва бошқа тадбиркорлик субъектларида, машҳур хорижий компанияларда ва хорижий таълим муассасаларида стажировкалар (олти ойгача) ташкил этилишини таъминлайди.

Марказда MBA дастури бўйича магистратурасига ўқишга қабул қилишнинг ҳар йилги квотаси 40 киши этиб белгиланган ва жорий йилнинг август ойида 2016−2017 ўқув йиллари учун қабул бўлиб ўтади.

Марказ магистратурасига олий маълумотли ва камида уч йил иш стажига эга 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тест синовлари орқали очиқ танлов асосида қабул қилинади. Марказда ўқиш даврида магистрантларнинг эгаллаб турган иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланади.