Хоразм вилоятида «Газли — Нукус» ва «Бухоро — Урал» магистрал газ қувурларини бирлаштирувчи газ қувурини ётқизиш бўйича бурғулаш ишлари бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Умумий қиймати 120 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа «Урганчтрансгаз», «Жанубгазқурилиш», «Нефтгазмонтаж» томонидан амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудидан ўтадиган мазкур газ қувурининг узунлиги 74 километрни ташкил этади. 1020 миллиметрли ушбу газ қувурининг 850 метрлик қисми Амударё ўзанининг 20 метр остидан горизонтал қия бурғулаш усули билан ўтказилмоқда.

Уч босқичдан иборат бу ишга 500 га яқин ишчи-муҳандис ва мутахассислар, 200 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган.

Икки йирик газ магистралини боғлайдиган ушбу тармоқ 52 канал, коллектор, автомобиль ва темир йўлларни кесиб ўтади. Қурувчи-муҳандислар жорий йилнинг сентябрь ойигача барча қурилиш-монтаж, бурғулаш ва газ қувурларини изоляция қилиш ишларини тўлиқ якунлашни мўлжалламоқда.

«Агар ушбу газ магистраллари ўзаро боғланса, вилоятдаги газ тармоқларида босим ортади, — дейди „Урганчтрансгаз“ шўъба корхонаси директори Аминбой Аминов. — Қурилиши якунланган „Урганч — 2“ газ тақсимлаш шохобчаси орқали йилнинг исталган пайтида газ босимини назорат қилиш имконияти яратилади».

Газ қувурини ётқизиш ишлари 2012 йил 6 декабрдаги «Хоразм вилоятининг ободончилик ва аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш, Урганч шаҳар бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2013 йилдаги қарори биланХоразм вилоятидаги бир қисм чакана ва улгуржи газ истеъмолчилари кўмир ва баллонлардаги сиқилган газдан фойдаланишга ўтказилди.