17 май куни Алишер Навоий номидаги киносаройда тарихий эртак (фентези) жанридаги «Ойқиз эртаги» номли бадиий фильмнинг журналистлар ва санъат соҳаси вакиллари учун ёпиқ премьераси бўлиб ўтди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан тайёрланган бадиий фильм 4K ва Dolby Surround 5.1. форматларида тасвирга олинди. Фильмни тасвирга олиш жараёнлари Хоразм ва Тошкент вилоятларида бўлиб ўтган.

Қарийб икки йил давомида тасвирга олинган «Ойқиз эртаги» бадиий фильмининг бюджети 1,6 млрд сўмни ташкил этади. Режиссёр Акбар Бектурдиев мазкур фильмда кескин саҳналар, қизиқарли ва ўткир сюжет ҳамда махсус эффектларга алоҳида эътибор қаратди. Муносиб актёрлар гуруҳи хилма-хил, мураккаб ҳаракатлар ва характерлар орқали ўз қаҳрамонлари образини маҳорат билан очиб берган.

Фильмнинг кенг жамоатчилик учун премьераси 19 май куни соат 17:00да Республика Киночилар уйида ҳамда соат 18:00да Алишер Навоий номидаги киносаройда ташкил этилади.

Бадиий фильм 20 майдан эътиборан Ўзбекистон кинотеатрларида намойиш этилади.