Чоршанба куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бошланди. ЎзА хабарига кўра, ярмаркада қарийб 650 та янги лойиҳа тақдим этилган бўлса, уларнинг 70 дан ортиғи ёш олимлар ва талабаларга тегишлидир.

Бу Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилаётган янгиликларнинг 130 таси саноат, 116 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган. 130 дан зиёд ишланма ва илғор технологиялар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика учун мўлжалланган, 89 таси ахборот технологиялари, яна 34 таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир.

Иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа вакилларини олимлар, жумладан, ёш олимларнинг истиқболли янги ғоялари ҳамда лойиҳалари билан таништириш мақсадида иккинчи Тошкент халқаро инновация форумининг ўтказилиши ярмарканинг муҳим таркибий қисми бўлади. Ушбу янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш учун маблағ ва ишлаб чиқариш базаси керак.

Шунингдек, ярмаркада турли тақдимот маросимларининг ташкил этилиши ёш олимларга ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш имконини беради. Айниқса, ёш дизайнерларнинг тақдимоти ҳамда «Робот-шоу» алоҳида қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. 

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ўтказилган саккизта инновацион ярмаркада умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланган эди. Мазкур шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 55 турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжалигига илмий-техник ёрдам кўрсатилган.

2016 йилги инновациялар ярмаркаси аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Масалан, дастлабки ярмаркаларда олимлар ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилган бўлса, бугун уларни янада мустаҳкамлашни давр тақозо этмоқда. Негаки, иқтисодиётнинг реал сектори ривожланиши учун энг яхши ишланмаларни танлаш имкониятига эга бўлинса, олимлар хўжалик юритувчи субъектларнинг эҳтиёжлари ҳақида маълумотга эга бўлади ва янги лойиҳалар учун буюртмалар олади. Бу, ўз навбатида, корхоналарнинг инновацион фаоллигини янада ошириш, мамлакатимизда юқори технологиялар миллий бозорини шакллантириш имконини беради..