Alliance Française жамғармаси раиси Жером Клеман 4-6 май кунлари Тошкент ва Бухорога ташриф билан келди, дея хабар бермоқда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Жером Клеман Ўзбекистон ТИВнинг Европа мамлакатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Д. Ахатов ҳамда адлия вазири ўринбосари А. Усмонов билан учрашув ўтказди. Томонлар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, Француз альянсининг Тошкентдаги фаолиятининг биринчи йили якунларидан мамнун эканликларини изҳор қилишди.

Жамғарма раҳбари Тошкентдаги Француз альянси раҳбарияти ва ўқитувчилар таркиби билан ҳам учрашиб, дунёдаги Француз альянслари тармоғи ҳақида маъруза ўқиди — бугунги кунда улар сони 800 тадан кўпроқни ташкил этади.

Бундан ташқари, Жером Клеман француз тилига қатта қизиқиш бўлган Бухорога ҳам ташриф буюриб, ушбу шаҳарда Француз альянсини ташкил этиш имкониятларини ўрганди.

Француз альянси Тошкентда 2015 йилнинг ёзида очилган бўлиб, француз тилини ўргатиш юзасидан фаолият олиб боради.

Тошкентда Француз альянсини ташкил этиш бўйича ҳукуматлараро битим Парижда 2014 йил ноябрида икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган эди.