Германиянинг Suddeutsche Zeitung, Британиянинг The Guardian ва бошқа бир қатор ОАВлар Журналист-терговчиларнинг халқаро консорциуми (ICIJ) билан ҳамкорликда Панаманинг Mossack Fonseca юридик фирмаси («Панама архиви»)нинг ҳужжатларини эълон қилди. Мазкур ҳужжатлар бир қатор дунё етакчилари ва уларга алоқадор шахсларнинг пулларни «ювиш» ва даромадларни солиқдан яширишга алоқадорлиги тўғрисида гувоҳлик бериши мумкин.

«Тарихдаги энг йирик ахборот сизиб чиқиши» натижасида журналистлар қўлига 1977 йилдан 2015 йилнинг декабригача бўлган муддатдаги 11,5 миллиондан зиёд ҳужжатлар келиб тушди. Уларнинг аслига тўғри экани ҳозирча тасдиқлангани йўқ, Mossack Fonseca компанияси эса уларнинг ишончли эканини тасдиқлашдан бош тортмоқда, дея хабар берди РИА Новости. Янада аниқроғи, компания сизиб чиқишни «катта жиноий иш» деб атади.

Якшанба куни кечқурун эълон қилинган материалларда бир қатор амалдаги ва собиқ дунё етакчиларининг оффшор ҳисоблардаги фаоллиги ҳақида сўз боради. Жумладан, Россия президенти Владимир Путинга яқин шахслар, Исландия бош вазири Сигмюндюр Давид Гюннлейгссон, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг марҳум отаси, Украина президенти Пётр Порошенко, Марокаш қироли Муҳаммад VI ва бошқалар исм-шарифлари келтириб ўтилган.