Наманганда тикув маҳсулотларини моделлаштириш ва дизайн асосларини ўқитиш бўйича марказ очилади, дея хабар қилди Савдо-саноат палатаси ҳамда БМТТДнинг ҳамкорликдаги «Ўзбекистон бизнес-форуми (3-фаза)» лойиҳаси матбуот хизмати. Марказнинг асосий вазифаси ёшлар ва аёллар малакасини ошириш, уларнинг ишга жойлашишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, тайёр маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва сифатини оширишдан иборат.

Istiqlol Dizayn Markazi маркази мумтоз либослар ишлаб чиқариш бўйича етакчи фабрика базасида ташкил этилиб, ишлаб чиқариш талабларига мос келадиган, амалий кўникмаларга эга дизайнерларни тайёрлашга имкон беради. У моделлар лойиҳасини замонавий CAD-тизимлар (Computer Aided Design), 3D-моделлаштириш, рақамлаштириш, реал ўлчамлардаги эскизларни чоп этиш ва бошқа функциялар ёрдамида тайёрлаш имкониятига эга энг сўнгги технологиялар билан таъминланади.

Бир йилда 50 нафарга яқин мутахассислар — касб-ҳунар коллежлари ва университетлар ўқувчи-талабалари ва битирувчиларининг дизайн ва моделлаштириш бўйича малакасини ошириш режалаштирилмоқда. Келгусида улар олган билим ва тажрибаларини бошқа фабрикалар ёки ўзлари асос солган бизнесида қўллашлари мумкин.

Либослар дизайни маркази «Ўзбекистон бизнес-форуми (3-фаза)» лойиҳаси доирасида Sasol компанияси ваколатхонасининг молиявий кўмагида ташкил этилмоқда.