Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)да Корея Республикасининг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хёнга ЖИДУ фахрий доктори унвонини бериш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар қилди.

Маросимда қайд этилганидек, Ли Ук Хён икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муносабатларини жонлантириш ва турли йўналишлар бўйича алоқаларнинг кенг спектрини ривожлантиришнинг фаол тарафдори ҳисобланади.

2013 йилнинг июлидан буён Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият олиб бориш мобайнида икки давлат ўртасида сиёсий мулоқотларнинг юқори даражаси кузатилмоқда. 2014 йилнинг июнида Тошкентда, 2015 йил майида Сеулда икки томонлама саммитлар ўтказилиб, улар натижасига кўра 100 дан зиёд ҳужжатлар, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 9,5 млрд долларлик шартномалар имзоланди.

2014 йилнинг 1 октябрида Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг Тошкент шаҳрида ўз филиалини очиши муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистондаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) йўналиши бўйича ҳам молиявий-техник ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ўтган давр мобайнида, шунингдек, ЖИДУда Корейс тили маркази, ЖИДУ ва ЎзДЖТУда компьютер ёрдамида имтиҳон олиш ва профессионал таржимонларни тайёрлаш марказлари, ТДШИ ва Низомий номидаги ТДПУда электрон кутубхоналар, Самарқандда Қасбий таълим маркази очилди, бу каби марказларни Қўқон ва Шаҳрисабзда ҳам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Элчи Ли Ук Хён тез орада Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятига якун ясайди. Мамлакатдаги фаолиятига якун ясар экан, элчи ўз муносабатини шундай ифодалади: «ЖИДУ оиласининг бир бўлаги эканимдан ҳамда Ўзбекистон ва ОТМ раҳбарияти менга шундай ажойиб совға — университетнинг фахрий доктори унвонини тақдим этганидан чуқур фахр ва ифтихор туйғуларини ҳис этяпман. Бу ҳам икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада эканига яна бир далилдир».