Ўзбекистон компаниялари 5-6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида чет эллик компаниялар ва банклар билан 12,4 млрд долларлик битимлар имзолади. Бу ҳақда бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов форум натижалари ҳақида гапираётиб, маълум қилди.

«Форум натижаларига кўра, чет эллик компаниялар ва банклар билан 104 та жами 12,4 млрд долларлик битим имзоланди. Жумладан, чет эллик шерикларнинг мажбуриятлари 4,74 млрд доллар бўлди», — деди Рустам Азимов.

Илк инвестиция форумининг асосий фазифаси давлатнинг хусусийлаштириш дастурига киритилган мамлакат етакчи компаниялари тақдимоти ва уларни чет эллик стратегик шерикларга сотиш бўлди. Ташкилий қўмита маълумот беришича, форумда 30 дан ошиқ мамлакатдан 200 дан ошиқ, компания, иқтисодий бирлашма ва молия тузилмаси иштирок этди.

Форумнинг бўлим ва ялпи мажлисларида стратегик ҳисобланмиш ёнилғи-энергетика, кимё саноати, машинасозлик, тўқимачилик ва ифратузилма соҳасидаги янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 11,7 млрд долларлик 39 та меморандум ва битим имзоланди.

Бундан ташқари, ташкилотчилар ахборот беришича, хусусийлаштириш дастури доирасида чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича жами 437 млн долларлик 59 та ҳужжат ва умумий миқдори қарийб 1 млрд долларлик 6 та банклараро битимга қўл қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015-2020 йилларда иқтисодиётнинг саноат соҳаси ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун жами 51 млрд долларлик дастурни амалга ошириш режалаштирилмоқда.