31 август куни мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни нишонланади. Анъанага мувофиқ, эрта тонгда халқимизнинг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этиш маросими ўтказилди ва унда Президент Ислом Каримов иштирок этди, дея хабар тарқатди ЎзА.

Давлат раҳбари уламолар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда тарихий хотира, мамлакатимизда эришилган улкан ютуқлар, эл-юртимиз ҳаёти, одамларимиз турмуш тарзи, онгу тафаккурида рўй берган ўзгаришлар, жаҳонда ва яқин атрофимиздаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият тўғрисида фикр юритди. Бугунги нотинч замон доимо огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишни талаб қилишини алоҳида таъкидлади.

«Шу кунларда бугунги озод ва обод кунларни орзу қилган, шу йўлда ўз ҳаётини ҳам аямаган аждодларимизнинг хотирасини ёд этар эканмиз, истиқлол туфайли юртимизда тарихий адолат қарор топганига, халқимиз ўтмишдан сабоқ чиқариб, буюк келажак сари дадил интилаётганига, бунда табаррук қадамжолар катта тарбиявий аҳамиятга эга эканига яна бир бор амин бўламиз. Шу азиз Ватан барчамизники, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир», — деди Президент.

«Биз ҳаётдан доимо яхшилик кутиб, бошқаларга ҳам яхшилик тилаб яшайдиган халқмиз, — давом эттирди Ислом Каримов. — Шунинг учун ҳам эртанги кунимизнинг бугунгидан кўра ёруғ, тинч ва фаровон бўлишини орзу қиламиз, шу йўлда ўзимизни аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз».

Мамлакат раҳбари ўтган давр мобайнида Ўзбекистон эришган ютуқлар осонлик билан қўлга киритилмаганига ҳам эътибор қаратди: «Биз қўлга киритган улкан натижаларни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда. Аммо ана шундай юксак марраларга осонлик билан эришганимиз йўқ. Бу йўлда қандай оғир синов ва машаққатларни енгиб ўтишга, туну кун тинмай фидокорона меҳнат қилишга тўғри келганини халқимиз яхши билади ва муносиб қадрлайди».

Ислом Каримов бугунги кунда «дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани»дан ташвиш изҳор қилди.

«Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини, уларнинг фожиали оқибатларини чуқур тушуниб, англаб олиш, кенг жамоатчилигимизга, айниқса, ёшларга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Диний қадриятларнинг, эзгулик ва инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асраш — энг асосий вазифаларимиздан бўлиши керак», — деди Ислом Каримов.

Президент мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилмасликка, огоҳлик ва сезгирликни йўқотмасликка чақирди.

Ўша куни Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ҳам ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Давлат раҳбари ушбу майдонни янада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш зарурлигини, бунинг учун маҳаллий иқлимга мос дарахтлар ва гулларни янада кўпроқ экишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.