Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади, дея хабар бермоқда Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Ҳужжат билан, кимошди савдосига қўйиладиган 247 та корхона ва 1028 та давлат кўчмас мулк объектларининг давлат пакетлари (улушлари) рўйхати тасдиқланди.

12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилади:

  • «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Ўзбекгеологияқидирув», «Ўзбекгеофизика» акциядорлик жамиятлари — 2 фоиздан;
  • Товар хомашё биржаси — 2,4%;
  • «Темирйўлкарго», «Ўзтемирйўлконтейнер» — ҳар бири 4%;
  • «Тошкент» РФБ, Ўзбекистон почтаси, UzAuto Motors Powertrain, Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш — 5 фоиз.

Хусусийлаштиришни жадаллаштириш

Давлат активларини сотишни тезлаштириш ва иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш учун юмшатиш назарда тутилмоқда.

Агар давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилади.

2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Давлат кўчмас мулкини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан ер ва мол-мулк солиқлари ушбу объектларга тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланади.

Ер участкалари (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ойда сотилмаганда, бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ойда сотилмаганда — 10 фоизигача пасайтирилади ва тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.

4- ва 5-тоифадаги туманларда жойлашган давлат активлари ва мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловлар 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади. Ер участкаларини сотиб олганда уларни гаровга қўйиш учун талаб этиладиган амалдаги 35 фоиз тўлов миқдори 15 фоизга туширилмоқда.

Январь ойида Шавкат Мирзиёев 33 та дон хўжалиги корхоналарини хусусийлаштиришни жадаллаштириш, уларнинг нархини бозор нархига тушириш бўйича топшириқ берганди. У вазирлик ва ҳокимликлар активлари сотувининг сустлашиб бораётганини танқид қилган. Масалан, Тошкент шаҳрида 25 гектар ер аукционга қўйилиб, кейин қайтариб олингани сабабли бюджетга 600 млрд сўм келиб тушмаган.

Жорий йилда хусусийлаштириш жараёнларида 400 та корхона улушини, 800 та корхонадаги кўчмас мулкни, 2 минг гектар ер майдонларини сотишдан 20 триллион сўм даромад олиш кутилмоқда.

«Газета.uz» аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, Perfectum мобил оператори ва Uzpaynet тўлов хизматининг эълон қилинмаган хусусийлаштирилиши ҳақида хабар берганди.