Тадбиркор Диёра Усмонова Instagram’да марҳум Бобур Усмонов билан биринчи турмушида бўлган оиладаги зўравонлик ҳақида гапирди.

Усмонованинг таъкидлашича, ҳикояси унга зарарли бўлиши мумкин, аммо у фойда «хавфдан юз баравар кўп бўлади» ва «оиладаги зўравонлик чидаб келган аёлларнинг тушунчасини ўзгартиради ёки қандайдир тарзда таъсир қилади», деб ҳисоблайди.

«[Бу] 21 ёшимдан 25 ёшгача бошдан кечирган ҳаётим ҳақида. Ҳатто 19 ёшдан, агар бошидан бошласак. Мен биринчи эрим билан жуда кўп севги ва эҳтиросга эга бўлган мураккаб муносабатларда эдим. Биз бир-биримизни севардик ва никоҳимиз учун жуда қаттиқ курашдик. Кейинчалик, у менга қўлини кўтара бошлаганида ва бу калтаклар бошланганда ва калтаклар тўрт йил давом этганда, мия чайқалиши, кўплаб қонлар ва кўкаришлар пайдо бўлган, бутун танам кўкарган ва кўплаб мебель, эшиклар, ҳамма нарса синган», — деди у.

Унинг фикрича, «буларнинг барчаси изсиз ўтмаслиги керак».

«Буларнинг барчаси 100 фоиз айбдор эркак бўлгани учун юз бермади. Бу ерда 50 фоиз айб биз томонда, бизнинг муаммомиз — ўзимизни етарлича қадрламаймиз, етарлича жасоратли эмасмиз, оёқларимизда етарлича кучли турмаймиз, тескари таъсир қилишдан қўрқамиз, ота-оналаримизга айтишдан қўрқамиз, ота-онамизга қайтишдан қўрқамиз, ҳаммасини қайтадан бошлашдан қўрқамиз. Чунки ўзгаради, келажакда қандайдир яхши натижалари бўлади, ўхшаб кетади, деган умидда бўламиз — мана шу ҳаммаси бизнинг муаммомиз», — дейди Диёра Усмонова.

«Биринчи марта у менга қўлини кўтарганида, мени ялангоёқ ҳолатимда бешинчи қаватдан биринчи қаватга судраб туширганди — чўлоқланиб қолгандим. У оёғимни ўпиб, кечирим сўраганини эслайман. Мен унга эгилиб, бошини қучоқлаб олгандим, охири раҳмим келган, тинчлантиргандим, ҳаммаси яхши, ҳеч қандай ёмон нарса бўлмади, хавотирланишга ҳожат йўқ, деб далда бергандим. Яъни вазият шундай ўзгариб кетган. Ва бу ҳаммаси, 10 йилдан кейин тушуняпман, менинг катта муаммом, бизнинг катта муаммомиз, биз содир бўлаётган воқеаларнинг фожиасини кўрмаймиз ва тушунмаймиз», — деди у.

Унинг фикрича, аёллар бундай муносабатларни тўхтатиб, кетиш учун куч топишлари керак.

«Мен ўзимда бу кучли томонларни топа олмадим… Аммо, шуни айтмоқчиманки, у бизнинг замонамизда ҳеч кимда учрамайдиган ҳайратланарли даражада меҳрибон қалбга эга ажойиб инсон эди. Гўё унинг меҳрибон қалби ва бу ҳақиқатлар бир-бири билан боғлана олмагандай туюлди. Шу боис бу инсон, мен севган ва шундай меҳрибон, олижаноб инсон бу қийноқларни қандай қилиб қўйганига тушунолмадим», — деди Диёра Усмонова.

«Шунга қарамай, бу қандайдир психологик, даволаш керак бўлган руҳий оғиш ва биз фарзандларимизни ундан ҳимоя қилишимиз керак. Бундай муносабатларни тарк этишингиз керак. Чунки сиз бир марта кечирасиз, иккинчи марта кечирасиз, кейин бу одатга айланиб қолса, эркак бу иши кечирилаверишини тушуниб қолади. Бу жуда ёмон тугаши мумкин ёки бутун ҳаётингизни заҳарлаб ўтказасиз. Ўшанда ўзимда куч топа олмаганман ва ҳозир 10 йил ўтиб, ортимга қарайман ва мен томондан қанча хатоларга йўл қўйилгани ва бунда менинг айбим қанчалик катта эканини тушунаман. Худди у каби», — деди у.

Диёра Усмонова аёллар ўз устида ишлаши, ўзини ҳурмат қилишни ўрганиши керак, деб ҳисоблайди.

Изоҳларда у ушбу ҳикоя эълон этилгандан кейин собиқ эрининг оиласи билан муносабатлари ёмонлашганини таъкидлади.

Диёра Усмонова Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёеванинг жияни ҳисобланади. У 20 ёшида асли Ўзбекистондан бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмоновга турмушга чиққан.

2013 йил 8 май куни Тошкент шаҳрида Бобур Усмонов ўз машинасида ҳалокатли ЙТҲга учраган.

2016 йилда Диёра Усмонова иккинчи бор турмушга чиққан — «Пахтакор» футбол клуби ва «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг собиқ эгаси бўлган тадбиркор Ботир Раҳимовга. У 2001 йилда «Капиталбанк» хусусий банкини очган.

Айни пайтда Диёра Усмонова бир қанча компаниялар асосчиси ҳисобланади.